Сир эмас, аҳолимиз айрим касалликларни даволаш учун ва мураккаб операцияларга эҳтиёж сабаб чет эл клиникаларига, айниқса, ҳинд тиббиётига мурожаат қилишга мажбур бўлишади.

Бу вазиятни инобатга олган ҳолда Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида 20 дан ортиқ давлатдан таклиф этилган 30 дан зиёд хорижий инвесторлар иштирокида ўтказилаётган халқаро бизнес форум давомида мамлакатимизга ҳиндистонлик юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш амалиётини йўлга қўйиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилди.

Кейинчалик вилоят ҳокимлиги мажлислар залида ҳам Ҳиндистон Республикасининг “Халқаро бизнес палатаси” раҳбари Жаноб Манпрет Сингх Наги ва вилоят ҳокими Зафар Рўзиевлар иштирокида келишув музокаралари бўлиб ўтди.

- Бизнинг юртимиз доривор гиёҳларга бой ҳудуд, - деди вилоят ҳокими. – Айниқса, тоғли ҳудудларимизда кўплаб доривор ва фойдали ўсимликларни кузатиш мумкин. Келинг, халқимизни эҳтиёжи ва юртимизнинг бой табиатини хисобга олиб, номдор клиникаларингиз филиалларини шу ерда очайлик. Шунингдек, вилоятимизда дори-дармон ишлаб чиқариш ва ҳинд мактабларини очиш бўйича ҳам музокаралар олиб бориш учун биз ҳам Ҳиндистонга бориш ниятидамиз.

Вилоят ҳокими томонидан билдирилган таклифлар ҳам жаноб Манпрет Сингх Нагига маъқул келди. Юртимиз имкониятларини ўрганиш ишларини олиб бориш мақсадида шу ой охирида 20 кишилик делегация билан вилоятимизга ташриф буюришини таъкидлади. Доривор гиёҳлар ишлаб чиқариш ва қадоқлаш йўналиши бўйича икки томонлама алоҳида лойиҳа ишлаб чиқиш ва ривожлантириш мақсади борлигини ҳам яшириб ўтирмади.

Шунингдек, саноатни жадал ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инновацион ишланмаларни амалиётда кенг қўллаш соҳаларида икки томонлама келишувлар имзоланди.

Маълумот ўрнида, Шаҳрисабз шаҳри ҳам жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари хорижий инвесторлар билан маҳаллий тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, вилоятнинг инвестиция салоҳиятини тарғиб қилиш ҳамда бизнес учун яратилган шарт-шароитлар ва имтиёзлар билан таништириш мақсадида ўтказилаётган халқаро бизнес форумга мезбонлик қилади.

Аҳрор СОДИҚОВ, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

09-09-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея