9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги муносабати билан вилоятимиздаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олиниб, уларга Президентимиз номидан пул мукофорти, қимматбаҳо совғалар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг эсдаликлари топширилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 66 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳаёт кечирмоқда.

Уруш қатнашчиларининг хонадонида ҳарбий оркестр, вилоят санъат усталари, ёш ижрочилар томонидан янграган куй-қўшиқлар, турли миллатларнинг миллий рақслари йиғилганларга завқ-шавқ улашди.

Мени фронтга кузатаётган яқинларимнинг юзидаги изтиробни яхши эслайман- дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рўзи бобо Соатов. Ўша вақтлари йиллар ўтиб мана шундай тинч, фаровон, инсон роҳат-фароғатда яшайдиган кунлар келишини ким тасаввур қилибди, дейсиз. Доимо юртимизнинг тинчлигини ўйлаётган, фарзандларимизнинг бахтли, саодатли ҳаёт кечиришини таъминлаб бераётгани учун Президентимизга минг бора раҳмат айтаман. Биз уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган бундай эътибор ва эҳтиромдан бошим кўкка етди.

Қарши тумани “Мевазор” МФЙда яшовчи Эшонқул ота Равшанов ҳам бугун ўзининг 96 баҳорини қарши олди. Ўзбекона жасорати, матонати, ватанпарварлиги билан ҳурмат қозонган Эшонқул  ота хонадони байрам арафасида янада файзу тароватга бойиб кетди. Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев  отахон хонадонига ташриф буюриб,  Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан Эшонқул отага пул мукофоти ва эсдалик совғаларини топширди. Отахоннинг кўзидаги қувонч эса шундай дориламон кунларга, қолаверса уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг шукроналик ифодасидир.

Миришкор туманида истиқомат қилувчи Бухор ота Раджабов бу йил 101 ёшга тўлиб, кексалик гаштини суриб юрган фахрийлардан. Уларнинг айтаётганлари авлодлар учун ибрат мактаби. Бухор ота тинч ҳаётда бахтиёр яшаётган одамларни кўрганидан доим хурсанд. Кўплар уруш кўрган отадан тинчликни қадрлаш ҳиссиётини олишга одатланган. Байрам совғаси сифатида Бухор отага пул мукофоти, эсдалик совғалари топширилди.

Меҳр – оқибат, қадр ва эҳтиром Ўзбекистонда ҳар доим улуғлаб келинган. Нуроний боболаримиз, момоларимиз бизларга ҳаёт мактабининг бебаҳо устозларидир. Улардан Ватанни севишни, бир қарич тупроғини азиз ва муқаддас билиб, ардоқлаб яшашни ўрганамиз. Зеро, инсон бу ёруғ оламда ўзидан фақат эзгулик ишларини мерос қолдирсагина уларнинг номлари хотиралардан асло ўчмайди. Қарилари доим мусаффо осмонимизни тинчлик қуёши мисол нурларга тўлдираверади.

Қашқадарё вилоятининг Касби тумани Муғлон маҳалласи аҳли Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Хайрулло ота Шерматов  билан фахрланади. Юз ёшни қаршилаётган отахон ҳали тетик ва бардам. Маҳалла-кўйнинг тўй-маъракасида бош, отахоннинг мамнун нигоҳларидан ажиб бир шукронани илғаш қийин эмас.

Вилоятимизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотлари ва эсдалик совғаларини топшириш маросимлари давом этмоқда. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам уруш қатнашчилари хонадонларига ташриф буюриб, уларга ўзларининг эсдалик совғаларини топширишмоқда.

 

                                                                    Суратларни  Мурод  Комилов  олган.

Вилоят  ҳокимлиги  ахборот  хизмати

01-05-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея