Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги қарори билан пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича тизимли чора-тадбирлар дастури белгилаб берилган эди.

Айни пайтда вилоятимизда ҳам 13 та фермер хўжалигининг 293 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилиб, сув ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланишга эришилаяпти. Ғузор туманидаги "Ғузор агро файз" фермер хўжалиги бу борадаги ташаббускорлардан бири.

- Умумий ер майдонимиз 500 гектарни ташкил этади, - дейди хўжалик иш юритувчиси Ғайрат Боймуродов. - Шундан 170 гектарда ғалла парваришлаган бўлсак, 110 гектар ер майдонига пахта экканмиз. Қолгани боғ. Бу йил синов тариқасида 20 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатдик. Айтиш жоиз, самара бу даражада юқори бўлишини ўзимиз ҳам кутмагандик. Аммо томчилатиб суғорилаётган майдондаги экинлар билан анъанавий усулда суғорилган ғўзаларимиз ўртасида сезиларли фарқ мавжуд. Бири аллақачон кўсаклай бошлади, иккинчиси энди гулламоқда.

Хўжалик вакилининг айтишича, аслида томчилатиб суғорилаётган майдондаги ғўза бироз кеч экилган. Шунга қарамай, тез ривожланиб, эртачи экилган, аммо анъанавий усулда суғориладиган ғўзалардан анча илгарилаб кетган. Хўш, ниманинг ҳисобига?

- Бу усулда сув аввал ҳовузга тўпланиб, насос ёрдамида асосий қувурга, ундан эса экин майдони бўйлаб тортилган махсус тешикчали кичик полиэтилен қувурларга ҳайдалади, - дейди хўжалик мироби Мурод Ортиқов. - Сув оқиб, лойқа ҳосил қилмагани боис, ер қотиб қолмайди. Тупроқдаги фойдали микроэлементлар ювилиб кетмайди. Ўғит ҳам аввал эритилиб, сув орқали берилиши сабаб барча ғўзаларга бирдек етиб бориши ва сўрилиши таъминланади. Шу боис анъанавий суғориш усулига қараганда анча кам ўғит сарфлаб, бир неча баробар кўп самарага эришиш мумкин.

Яна бир томони, ушбу технологияда пахта эгатларига плёнка тортилади. Натижада жўякда бегона ўтлар бўлмайди, тупроқда намнинг сақланиш даражаси жуда юқори бўлади. Бу эса фермерга кўплаб маблағ иқтисод қилиш имконини ҳам беради. "Ғузор агро файз" фермер хўжалиги мисолида оладиган бўлсак, бу ерда 20 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш учун 400 миллион сўм маблағ сарфланган. Бу дастлабки йилги харажат. Кейинги йиллар эса фақат плёнка учун маблағ сарфланади, холос. Боиси, ҳовуз ва сувни фильтрловчи ускуналар, насослардан узоқ йиллар давомида фойдаланиш мумкин. Пластик қувурлар эса камида уч йилга дош беради. Демак, фермер кейинги йиллар учун плёнка харид қилса бўлди. Ушбу майдонда ўтларни тозалаш, ўғит сепиш, ерни юмшатиш каби агротехник тадбирлар амалга оширилмаслиги боис, ишчи кучи ва техника харажатлари учун сарфланадиган жуда катта маблағ тежаб қолинади. Буни англаган хўжалик раҳбари келгуси йил яна 80 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этмоқчи.

- Томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун пахта хомашёси экиладиган майдоннинг ҳар бир гектарига давлат бюджетидан 8 миллион сўмдан субсидия тақдим этилади,  - дейди Ғузор тумани ирригация бўлими бошлиғи Ўрал Ибрагимов. - Шунингдек, яна бир қатор имтиёзлар мавжуд. Бундан ташқари, бугунги кунда томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш борасида керакли қулайликлар яратилган, услубий қўлланмалар мавжуд. Биргина, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги маблағлари асосида яратилган "Томчи" мобиль иловасини оладиган бўлсак, унинг ёрдамида фермер уйда ўтириб томчилатиб суғориш билан боғлиқ ҳар қандай маълумотга эга бўлиши мумкин. Яъни, томчилатиб суғориш турлари, технологиялари, усуллари, ҳар бирининг қандай самарага эга эканлигидан тортиб, мазкур тизим учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчилари, тегишли қурилиш корхоналари, уларнинг нарх-навоси, манзилларига қадар. Табиийки, бу қулайликлар фермерларнинг қизиқишини янада оширмоқда. Жорий йилда туманимизда 3 та фермер хўжалиги 60 гектар майдонда ушбу технологияни қўллаган бўлса, келгуси йил учун бу борада ташаббус билдирганлар кўп.

Албатта, бугун деҳқон ва фермерларимиз томчилатиб суғоришнинг афзал жиҳатларини аллақачон англаб етганлиги боис бу усул тобора оммалашиб, нафақат иссиқхоналар, сабзавотчилик ва полизчилик тармоқларида, шунингдек, катта майдонлардаги пахта далаларида ҳам кенг жорий этилмоқда. Пировардида, табиий ва моддий ресурслар тежалиши билан бирга, ҳосилдорлик ҳам муттасил ошиб бораётир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

 

12-07-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея