Суғоришнинг тежамкор услубларини юртимиз деҳқонлари ўз тажрибаларидан ўтказиб кўришган. Эндиликда томчилатиб суғориш технологиясини кенг татбиқ этилиши баробарида иқтисодий самарадорлик ҳам ҳисоблаб чиқилгани айниқса фермерларга маъқул бўлмоқда. Харажатларнинг катта қисми давлат кўмагида субсидия, солиқ ва бошқа тўловларга имтиёз, енгилликлар берилиши билан қопланади. Бу эса янгиликка интилувчан фермернинг манфаатдорлигини оширади. Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманилик деҳқонлар ҳам бу усулни афзалликларини синаб кўришни мақсад қилган.

Шу боис жорий йилда туманда сув танқис ва етиб бориши қийин бўлган ҳудудлардаги 3 та фермер хўжалиги томчилатиб суғориш технологиясини амалиётга жорий қилди. Улардан бири тумандаги Алишер Навоий ҳудудидаги “Ғузор Агро Файз” фермер хўжалигидир. Хўжалик аъзолари жорий йилда 20 гектар майдонга томчилатиб суғориш усулида чигит экди. Айни пайтда қўш қатор усулда экилган ғўзалар баравж ривожланмоқда.

- Хўжалигимизнинг умумий ер майдони 500 гектар бўлиб, шундан 110 гектари пахта майдони, - дейди “Ғузор Агро Файз” фермер хўжалиги раҳбари Муҳиддин Файзуллаев. – Ҳудудимизда сув жуда танқис. Айниқса йил оғир келган пайтлари жуда қийналамиз. Шу боис жорий йилда синов тариқасида 20 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилдик. Жуда самарали бўлди. Масалан бу усулда қатор ораларига ишлов берилмайди. Ўғит сепилмайди. Ҳамма озуқалар сув орқали юборилади. Ишчиларга ҳам қийинчилик туғдирмайди. Бир суткада 20 гектар майдон суғориб бўлинади. Тўғри бошланишига харажат кўпроқ бўлади. Кейинги йилларда фақат шланглар учун маблағ сарфланади. Ўзини оқлайди. Бошида иккиланганди. Қандай бўлади? Катта маблағ тикилаяпти ўзини оқлайдими? Хуллас мана ускуналарни ўрнатдик. Ишни бошладик. Ҳозир ғўзаларимиз сувли майдондагиданда зўр. Кейинги йилда яна 20 гектар майдонда ушбу технологияни жорий қилишни мўлжаллаяпмиз.

Ғўзани суғориш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган. Аввалига катта ҳовузда сув тинитиб олинади. Сўнг махсус қурилмалар орқали кучли босим билан шлангларга узатилади. Минерал ўғитлар ҳам эритилган ҳолда сув орқали юборилади. Энг муҳими ғўзани вақтида суғориш имкони яратилади. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича вегитация даврида суғоришнинг бир кун кечикиши ҳам ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Рост суғоришда томчилатиш усулидан фойдаланиш кўпгина афзалликларга эга. Бунда сувдан тежамкорлик билан фойдаланган ҳолда сифатли ва мўл ҳосил етиштириш имкони яратилади. Бу усулни нафақат пахтачиликда, балки боғдорчилик, полизчилик, аҳоли томорқаларида жорий қилиш яхши самара беради. Буни “Ғузор Агро Файз” фермер хўжалиги мисолида ҳам кўриш мумкин.

                                                                                                       Ўлмас Баратов

17-07-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея