СОЛИҚ ТИЗИМИ: ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида

СОЛИҚ ТИЗИМИ: ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида

Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси мажлислар залида янги солиқ кодекси лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда тадбиркорлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ва олийгоҳларда иқтисод йўналишида таълим бераётган ўқитувчилар иштирок этди.

Маълумки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига асосан, солиқ тизимида олиб борилган ислоҳотлар солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва тегишли рағбатлантирувчи чораларни кенгайтириш қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Бу борада қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Солиқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, фойда солиғи 14 фоиздан 12 фоизга, дивиденд солиғи 10 фоиздан 5 фоизга камайтирилди. Бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармаларга ажратмалар эса бекор қилинди. Солиқ солиш тизими соддалаштирилиб, солиқ турлари 19 тадан 15 тага қисқартирилди, ягона ижтимоий тўлов ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоботлари бирлаштирилди, қўшилган қиймат солиғи ҳисоботининг 9 та иловаси 5 тага туширилди, ҳисобварақ-фактура шакли соддалаштирилди. Бу эса тадбиркорларни ишлаб чиқаришини кенгайтириши, кўпроқ даромад олиши ва солиқ базани кенгайтиришга асос бўлди.

Натижада, жорий йилнинг биринчи ярим йилликда вилоят учун  белгиланган 2 трлн. 778,2 млрд. сўм бюджетга тушум прогнози  3 трлн.  108,4 млрд. сўмга ёки 112  фоизга ортиғи билан бажарилди. Тушум ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 174 фоизга (1 трлн. 319 млрд. сўмга) ўсди.

Бугун шу ислоҳотларнинг давоми сифатида ишлаб чиқилган янги солиқ кодексинининг жойларда муҳокамаси бўлиб ўтмоқди.

—Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда янги кодексининг лойиҳасида солиқ қонунчилигини янада соддалаштириш, солиқларни ва бошқа тўловларнинг сонини камайтиришга эътибор қаратилган.

Ўзбекистоннинг янги солиқ кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари, Молия вазирлиги, Халқаро Валюта жамғармаси, Жаҳон Банки ва бошқа халқаро экспертлар иштирок этган:- дейди Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Э.Гадоев.  

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар қайд этишларича, солиқ қонунчилиги мажбурийлик, аниқлик, солиқ солишнинг адолатлилиги, солиқ тизимининг бирлиги, солиқ тизимининг ягоналиги, солиқ қонунчилигининг ошкоралиги ва солиқ тўловчи тўғрилигининг презумцияси принципларига асосланган.

Ҳар бир шахс ушбу кодекс лойиҳасида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга мажбурдирлар. Ҳеч кимга ушбу Кодексда назарда тутилмаган ёхуд унинг меъёрларини бузган ҳолда ўрнатилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти қўйилмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, олиб борилаётган ислоҳотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, бюджет даромадларини ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.     

Қашқадарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.