Пахтани ўз вақтида ва сифатли йиғиб олиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

Пахтани ўз вақтида ва сифатли йиғиб олиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

Бу йил вилоятимизда 3868 фермер хўжалиги томонидан 135 минг 900 гектар майдонда ғўза парваришланди.

Биламизки, пахта саноат учун муҳим хомашё ҳисобланади. Аммо уни етиштириш осон иш эмаслиги ҳам барчамизга аён. Бу жуда кўп вақт ва катта меҳнат талаб этадиган юмуш. Деҳқону фермерларимиз баҳорда ерга уруғ қадаса, шундан то кузга қадар агротехник тадбирлар давом этади. Куз эса пахтачиликдаги янада масъулиятли давр. Чунки катта машаққатлар эвазига етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда ва нест-нобуд қилмасдан, сифатли йиғиб олиш лозим. Айни пайтда вилоятимизда ана шу ишга киришилди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, авваллари пахта йиғим-терими асосан ҳашар йўли билан амалга оширилар ва бу ишга барча бирдек жалб этиларди. Кейинги йилларда эса мажбурий меҳнат тушунчасига барҳам берилиб, пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ҳам манфаатдор корхона ва ташкилотларнинг ўз зиммасига қўйилмоқда. Айниқса, жорий йилда Президентимиз   Шавкат Мирзиёев пахта йиғим-теримига бюджет ходимлари жалб этилмаслигини қатъий таъкидлади.

Хўш, шундай экан, бу йил мамлакатимиз, шу жумладан, вилоятимизда етиштирилган ҳосилни ўз муддатида ва сифатли йиғиб олиш учун қандай чоралар кўрилмоқда? Қуйида шулар хусусида тўхталамиз.

Мавсумий ишчиларнинг электрон базаси шакллантирилди

Айни пайтда вилоятимизда мавсумий ишчиларни теримга жалб этиш, бу ишни тез ва тизимли ташкил қилиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Вилоят пахта штабидан олинган маълумотга кўра, ҳар бир отряд раҳбарлигига кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга ва эл орасида обрў-эътиборли кишилар тайинланиб, уларга барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Шу билан бир қаторда, секторлар кесимида махсус ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, улар томонидан отрядларга мавсумий ишчиларни жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

- Ишчи гуруҳлар аъзолари ҳудудларда уйма-уй юриб, теримда иштирок этиш истагини билдирган ишчиларнинг аниқ ҳисоб-китобини олишди, - дейди штаб бошлиғи Жуманазар Тангиров.  - Ҳар бир ишчи билан юзма-юз суҳбат ўтказилиб, уларнинг паспорт маълумотлари асосида махсус электрон база шакллантирилди. Бу ишчи кучини аниқ ва тўғри баҳолаш ҳамда теримни тизимли ташкиллаштириш, ишларни тақсимлашда муҳим аҳамиятга эга.

Масъулнинг таъкидлашича, вилоятда умумий ҳисобда 2800 та терим отряди шакллантирилиб, ҳар бир  отряд таркибига 100 нафардан теримчи бириктирилди. Бу - мавсумда 280 минг теримчи иштирок этади, деганидир. Ҳисоб-китобга кўра, агар ҳар бир теримчи мавсум давомида ўртача 1500 килограммдан пахта терганида ҳам, ҳосилни ўз вақтида йиғиштириб олиш имконияти мавжуд.

Теримчилар учун яшаш жойлари ҳозирланди

Жорий йилда вилоятимизда пахта етиштирилмаган ёки кам етиштирилган ҳудудлардан 73 минг нафар киши бошқа ҳудудларга бориб, терим ишларида иштирок этади. Айни пайтда уларнинг маълум вақт давомида яшаши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

Хусусан, вилоятимизда теримчилар учун 469 та вақтинчалик яшаш жойлари ҳозирланган бўлиб, уларнинг 7 таси "Меҳнат-роҳат" палаткали шаҳарчалардир. Ушбу шаҳарчаларнинг ҳар бирида 1000 нафардан теримчининг яшаши учун шароит бор. Шунингдек, 6500 теримчи учун  ҳудудлардаги 13 та пиллахона бинолари яшашга мослаштирилиб, керакли қулайликлар ҳозирланган. Яна 449 та бино эса шийпон ва бараклардир.

Манфаатдорлик янада оширилди

Сир эмаски, авваллари қўлда терилган пахта учун жуда кам пул тўланган. Натижада ишсиз фуқаролар ҳам теримда иштирок этиб, моддий даромад олишга қизиқмас, бу юмушга асосан талабалар, бюджет ташкилотлари ходимлари жалб этилиши одатга айланганди. Ваҳоланки, уларнинг ўз ишлари бор. Айни вақтда доимий иш билан банд бўлмаган, теримда иштирок этиб, анча-мунча маблағ ишлаб олиши мумкин бўлган кишилар эса фаолиятдан четда қолиб кетарди.

Сўнгги йилларда иш билан банд бўлмаган аҳолининг пахта йиғим-теримида иштирок этишга бўлган иштиёқи ошиб бораётгани эса ана шу камчиликларнинг бартараф қилинаётгани, меҳнат учун муносиб ҳақ таклиф этилаётгани билан боғлиқ.

Эътибор қилинг, 2016 йилда қўлда терилган 1 килограмм пахта учун  285 сўм миқдорида ҳақ тўланган бўлса, 2017 йилда бу миқдор салкам икки баробарга ошиб, дастлаб 450 сўм, 1 октябрдан эса 500 сўм этиб белгиланган эди. 2018 йилда эса пахта хом ашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи босқичда 650 сўм, иккинчи босқичда 850 сўм, учинчи босқичда 1000 сўмдан, айрим туманларда ҳатто 1300 сўмга қадар меҳнат ҳақи тўланди.

Вазирлар Маҳкамасининг "2019 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, жорий йилда терим пули янада оширилди. Ҳужжатга кўра, пахта хом ашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи теримда - 800 сўмдан, иккинчи теримда - 1200 сўмдан ҳақ тўланади.

Энди ўзингиз ҳисоб-китоб қилиб кўринг, биринчи теримда кунига ўртача 150 килограмм пахта терган киши 120 минг сўмни нақд қилиб қўяди. Агар оиланинг уч аъзоси биргаликда ҳаракат қилса, кунига 360 минг сўмдан, бир ойда 10 миллион 800 минг сўм ишлаб топади. Мавсум давомида эса жамғармани 20 миллион сўмдан ошириш имконияти мавжуд.  Бу қўшимча даромад ишлаб топиш учун жуда катта имконият аслида. Аҳамиятли томони, ана шу имкониятни тўғри баҳолаб, теримда иштирок этиш ва даромад ишлаб топишга ҳаракат қилаётган юртдошларимиз сони ошиб бормоқда.

Теримчилар доимий равишда рағбатлантириб борилади

Ҳар йили  фаол теримчиларни қўшимча рағбатлантириб бориш ҳам анъана тусини олган. Уларга мавсум давомида манфаатдор корхона ва ташкилотлар томонидан турли қимматбаҳо совғалар, озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этиб борилади, мароқли ҳордиқ чиқариши учун турли учрашувлар, бадиий дастурлар ташкил этилади.

Бу йил ҳам маҳаллий ҳокимликлар, касаба уюшмалари, Ёшлар    иттифоқи ва бошқа ташкилотлар томонидан бу борада бир қатор тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Улар аллақачон бошланиб ҳам кетди. Жумладан, куни кеча вилоят ҳокими томонидан Косон, Миришкор ва Қамаши туманларидаги терим отрядлари раҳбарларига замонавий телевизорлар топширилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Албатта, бу каби чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад мавсумда иштирок этаётган теримчиларни янада рағбатлантириш, етиштирилган ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай, сифатига зарар етказмай, қисқа вақт ичида йиғиб-териб олишдан иборат.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ