Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани тиббиёт бирлашмаси қошида ўтган йил ижтимоий дорихона ташкил этилган эди. Лекин у бир хонали бўлиб, белгиланган талабларга тўла жавоб бермас эди.

Шу боис ушбу дорихона тадбиркорга топширилиб, қайтадан замонавий услубда бунёд этилди. Бу шифохонада даволанувчи беморлар учун ҳам анчагина қулайлик туғдирмоқда. Ижтимоий дорихонада 112 турдаги дори-дармон, 40 турдаги тиббий буюмлар 10 фоиз арзонлаштирилган нархда аҳолига таклиф этилмоқда.

Бу хайрли иш нишонлик ёш тадбиркор Асқар Қурбонов томонидан давлат шерикчилиги асосида амалга оширилди. Лойиҳани амалиётга татбиқ этилиши натижасида туманлик 5 нафар ёш иш билан таъминланди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 февралдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тизим фаолиятини тубдан яхшилаш ва дори ишлаб чиқаришни янада такомиллаштиришга кенг имкониятлар яратди. 

– Вилоятимизда ҳозирга қадар 180 ижтимоий дорихоналар фаолияти йўлга қўйилган, – дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Фахриддин Худойназаров. – Жорий йилда ҳам аҳолининг дори-дармонга эҳтиёжи катта бўлган ҳудудлар ўрганилиб чиқилмоқда ва ижтимоий дорихоналарни янада кўпайтириш мўлжалланмоқда. Мақсад аҳолига сифатли ва арзон дори-дармон маҳсулотларини етказиб бериш.

Ўлмас БАРОТОВ.

17-07-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея