Зафар Рўзиев: Сизга фақат ва фақат илмингиз ёрдам беради

Зафар Рўзиев: Сизга фақат ва фақат илмингиз ёрдам беради

Янги ўқув йилининг иккинчи куни Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабалари учун эсда қоларли кун бўлди. Улар бу кундан олган таассуротларини келажакдаги касбий фаолиятларида дастуруламал қилиб олсалар, ажаб эмас.

Сабаби, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев иштирокида уларга ҳаётий кўринишдаги маҳорат дарси ўтказилди. Вилоят ҳокими талабалик давларини эслаб, ёшлар билан материаллар қаршилиги ва қурилиши механикаси фани бўйича билимларини ҳам бўлишди.

- Мен ҳам Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабаси бўлганман, - дейди ҳоким. - Бу даргоҳда республикада тан олинган, билимли устозлар дарс беришган ва ҳозир ҳам шундай, деб биламан. Олтин даврингизнинг ҳар бир дақиқасини қадрлаб, фақат билим олинг, китоб ўқинг. Чунки, эртага бу ердан учирма бўлиб, қайси даргоҳда бориб ишласангиз ҳам Сизга фақат ва фақат илмингиз ёрдам беради.

Фанга кириш дарси, ҳаёт дарсига айланиб кетди. Ҳоким эртага ҳар қандай бўлажак муҳандис ва иқтисодчи учун зарур бўладиган касбий тажрибалари ҳақида ҳаётий мисоллар билан тушунча берди. Изланувчан, ўз устида ишлай олган кадрларга эҳтиёж ҳар қандай даврда ҳам долзарб бўлишини, алоҳида таъкидлаб ўтди.

Вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинган кун арафасида талабалар билан яна учрашадиган, фақат бу вақт ичида конституциямиз ва ўзлари севган 3 та бадиий китобни ўқиб, мағзини айтиб бера оладиган даражада бўлса, планшет билан тақдирлайдиган бўлди.

Аҳрор СОДИҚОВ, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

Фото: Муроджон Комилов.