Валютафурушлар қўлга олинди

Валютафурушлар қўлга олинди

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги "Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан мамлакатимизда барча юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиши, сотиб олиши ва тасарруф этиши учун қулай шарт-шароитлар яратилган.

Фуқаро ёки тадбиркор ўзидаги хорижий валютани ҳеч қандай тўсиқларсиз, истаган тижорат банкига олиб бориб белгиланган нархда сотиши ёки ўзига зарур миқдорда сотиб олиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид равишда нақд чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш билан шуғулланган шахслар эса тегишли тартибда жазога тортилади. Бироқ, ўз нафсини тизгинлай билмаган айрим юртдошларимизнинг ҳамон "қора бозор"да хорижий валюталар савдоси билан пинҳона шуғулланаётганлиги сир эмас.

Косонлик Қ.А. ва Б.О.ни ҳам ана шундай кишилар сирасига киритиш мумкин. Бу икки уддабурон 2400 АҚШ долларини "қора бозор"да сотишга қарор қилган эди. Улар тумандаги "Кўҳна қалъа" савдо мажмуаси ёнида ушбу валютани 8550 сўмдан ҳисоблаб, жами 20 миллион 552 минг сўмга сотган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ҳамда Косон туман бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди.

Айни пайтда Қ.А. ҳамда Б.О.га нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

                                                                                     Манба: qashqadaryogz.uz