Аввал хабар берилганидек, Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев чекка ҳудуд аҳолисини куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўз кўзи билан кўриш, шунингдек, турмушида дуч келаётган муаммоларига ечим топиш мақсадида очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.

Навбатдаги мулоқот Деҳқонобод туманининг олис қишлоқларидан бири “Бойқўрғон” ҚФЙда бўлиб, аҳоли билан мулоқот ўтказди.

Вилоят ҳокими қишлоқ аҳолисининг муаммоларига ечим топиш баробарида, деҳқонободликларга ҳурмати чексиз эканлигини таъкидлаб, деҳқонободликларни чин дилдан яхши кўришини ва уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш борасида ҳар қандай амалий ёрдамга тайёрлигини таъкидлади.

- Вилоят ҳокими келиб, энг катта ташвишимиздан халос этадиган бўлди, - дейди қишлоқ фаолларидан бири. – Қишлоғимиздаги "Нурли келажак" маҳалла аҳолисини қийнаб келаётган муаммо - талабга жавоб бермаётган симёғочлар ўрнига 60 дона симёғоч ўрнатиладиган бўлди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Қишлоқ оқсоқолларидан бири Тўрамамад бобони айтишича, бу каби самимий ва ҳожатбарор мулоқот илк бор ўтказилиши.

Тўрамамад бобони айтишича, вилоят ҳокими қабулида бўлган қишлоқдоши Нормурод Иботов жорий йил июль ойида 15 бош эчки ва молхонаси ёниб кетганини айтиб, ҳокимдан ёрдам сўраган. Вилоят раҳбари фуқарога ёрдам бериш мақсадида банк раҳбарларига 20 миллион сўм чорва кредити берилишида кўмак беришларини тайинлаб, вилоят ҳокимлигидан 40 дона шифер ёрдам қилинишини ваъда берди.

Шунингдек, аҳолининг йўл, кўприк, тиббиёт соҳасига доир муаммолар тингланиб, “Ғинжак” қишлоғи аҳолиси учун 2 км асфальт йўл, кўприк таъмири учун 5 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

2002 йилда туғилган I гуруҳ ногирони Нодир Нормаматов ҳамда 66 ёшли Қудрат бобо Дўсановларга ногиронлик аравачаси топширилди. 

Мулоқот давомида қишлоқга олиб борадиган ва ички йўлларни босқичма-босқич таъмирлаш, ичимлик суви муаммоси, электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш ҳамда қиш ойларида суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш каби бир қатор масалаларга аниқлик киритилиб, бартараф этиш чоралари кўрилди.

Аҳрор СОДИҚОВ, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

21-08-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея