ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Улуғ аждодларимиз хотирасини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимизнинг руҳларини шод этмоқ учун савобли ишларни амалга ошириш эзгу анъанага айланган.

Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган бир халқ сифатида тинчликнинг улуғ неъмат эканлигини теран ҳис этамиз. Гарчи уруш юртимиз сарҳадларидан анча олисларда содир бўлган эса-да, унинг аянчли оқибатлари ўзбек оилаларини ҳам четлаб ўтмади. Халқимиз не-не асл фарзандларидан, қанчадан-қанча навқирон ўғлонларидан жудо бўлди. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, мана шу мудҳиш муҳорабада Ўзбекистондан бир ярим миллион киши қатнашган, шулардан тахминан 500 минг нафарга яқини жанг майдонидан қайтмаган. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтган. Бу рақамларда қанчадан-қанча инсонларнинг гулдек умри, уларнинг доғида куйиб ўтган муштипар оналар, суюкли ёрлар, қадрдон инсонларнинг чексиз ғам-ғуссаси мужассам.

Ўша пайтда мамлакатимиз аҳолиси олти ярим миллион кишидан иборат бўлгани ва бунинг ярмидан кўпроғини кексалар, аёллар ва болалар ташкил этганини ҳисобга олсак, халқимиз бошига тушган синов нечоғлик оғир бўлгани аён бўлади.

Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди. Бугун орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари учун Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар боғи"да тадбир уюштирилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, бир гуруҳ фахрийлар "Ватанпарварлар боғи"да давлат раҳбари ташаббуси билан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида бажарилаётган ишлар билан танишишди. Мазкур боғда Иккинчи жаҳон уруши даврини акс эттирадиган саҳна кўринишлари ва концерт дастури намойиш этилди.

– 20 ёшимда урушга кетдим, – дейди Қарши шаҳрида туғилган Усмон бобо Донаев. – Бизнинг бундай тетиклигимиз замонамизнинг тинчлигидан, юртимизнинг ободлигидан. Шундай кунларга етказганига шукр. Илоҳим, элимиздан меҳр-оқибат, аҳиллик аримасин. Юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз омон бўлсин!  Бошимдан ўтган воқеалар ҳақида таълим муассасаларида ўтадиган тадбирларда ҳикоя қилиб бераман, чунки уруш хотиралари ёшларни тинчликни қадрлашга, юрт ҳимояси шарафли бурч эканига ўргатади.

Уруш йилларининг ситамли хотиралари, бугунги тинч-осойишта ҳаёт қадри акс эттирилган бадиий тадбир қатнашчиларда унутилмас таассурот қолдирди. 

                                                               Вилоят   ҳокимлиги  ахборот хизмати

 

 

 

 

 

 

22-04-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея