2020 йил 4 февраль куни Қарши шаҳридаги Маданият марказида Қашқадарё вилояти ҳокими иштирокида вилоятдаги мактабгача таълим тизими масъуллари билан учрашув ўтказилди.

Унда вилоят ҳокими, вилоят прокурори, шаҳар, туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, мактабгача таълим соҳаси мутахассислари ҳамда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, МТТ мудиралари, тарбиячилари, ҳамшира ва ошпазлар, МТТ ташкил этиш ташаббуси билан чиққан тадбиркорлар, ота-оналар, оутсорсинг вакиллари,  ҚДУ мактабгача таълим йўналиши битирувчи курс талабалари иштирок этди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 январдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4581-сонли Қарорида белгилаб берилган вазифалар мазмун-моҳияти ижроси юзасидан амалга ошириладиган вазифалар ҳамда вилоят Мактабгача таълим тизимида 2019 йилда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, бугунги кунда вилоятда 1279 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд. Шундан  374 та давлат, 30 та нодавлат, 6 та идоравий бўйсунувдаги муассасалар, 131 та давлат хусусий шериклиги асосидаги (ДХШ) ва 738 та оилавий боғчаларни ташкил этади. 2020 йил январь ойи ҳолатида мактабгача ёшдаги болалар сони жами 285 871 нафар бўлиб шундан 110 532 нафари (38,6 %) қамраб олинган.  

Қамров фоизи икки йил давомида 12 фоиздан 38 фоизга кўтарилган бўлсада, аммо бу кўрсаткич Республика кўрсатгичидан паст. 

Қамров даражаси Чироқчи (17%), Қамаши (19%), Деҳқонобод (28%) туманларида қамров даражаси анча паст даражада.

Шунингдек тадбирда иштирокчилар Президентимизнинг 2020 йил 30 январдаги 4581-сонли Қарорида қайд этилган имтиёзли кредитларни расмийлаштириш тартиблари ва талаблари, тадбиркорларга берилган имтиёзлар хусусида соҳа мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Тадбир доирасида 2020 йилда қуриладиган 9 та нодавлат, таъмирланадиган 5 та давлат МТТларининг ҳар бирининг муаммолари эшитилди. Шу билан бирга йиғилишда ҳар чоракда “энг намунали МТТ”, “Энг тажрибали боғча ошпази ва тарбиячиси” кўрик танловлари ўтказилишига келишиб олинди.

Таъкидлаш керак, тадбир сўнггида 2019 йилда ижобий натижаларга эришган ва барчага ўрнак бўлган давлат ва нодавлат МТТ мудиралари, тарбиячилар, ҳамширалар ва бошқа ходимлар вилоят ҳокимининиг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

 

06-02-2020 |
Foto galereya